қазақша · русский · english
   
  Негізгі бет / БАҚ біз туралы
05.07.2024

Навоий ва Aбай: умуминсоний қадриятлар давомийлиги

 

                

 

Ўзбек мумтоз шоири Алишер Навоий ва буюк қозоқ мутафаккири Абай Қўнонбоев маънавий меросларини ўрганишга бағишланган халқаро анжуман Абай номидаги Қозоғистон миллий педагогика университетида бўлиб ўтди.

 

Алишер Навоий ва Абай Қўнонбоевнинг маънавий мероси жамият равнақига, маданият ривожига, адабиётни бойитишга қўшган ҳиссаси билан белгиланади. Шоирлар ижоди бизнинг давримизда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, халқ маънавий бойлигининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда. Атоқли мутафаккирлар ижодидаги давомийлик одоб-ахлоқ ғоялари, билимга интилиш, адолат ва жамиятни янгилаш, уларнинг серқирра ижодида намоён бўлади.

 

Алишер Навоий ўзбек адабий тилига асос солди, унинг асарлари Марказий Осиё халқлари адабиётига катта таъсир кўрсатди. Абай Қўнонбоев қозоқ адабиётини бойитиб, унинг ривожига катта ҳисса қўшди. Унинг қозоқ шеърияти ва фалсафий тафаккуридаги янгиликлари қозоқ миллий адабиётининг асосини ташкил этди. Бу икки буюк мутафаккир жамиятнинг маънавий янгиланишига интилиб, таълим-тарбиянинг аҳамиятини илгари сурдилар. Навоий маорифни юксак қадрлаган, давлатни бошқаришда адолат ва доноликка амал қилган. Абай маориф ва илмнинг аҳамиятини тушуниб, ёшларни ўқишга, санъат ўрганишга ундаган.

 

Ана шундай қимматли фикр ва мулоҳазалар «Навоий ва Абай: умуминсоний қадриятлар давомийлиги» мавзуида ўтказилган халқаро форум ҳамда мазкур университетда Алишер Навоий номидаги марказнинг очилиш маросимида бот-бот такрорланди.

 

Форумнинг тантанали очилишида Қозоғистон миллий педагогика университети ректори Болат Тилеп Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини айтиб, мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги илмий ва академик ҳамжамиятнинг янада ривожланишига янги суръат бағишлашини таъкидлади.

 

- Қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яқин қўшничилик тамойиллари асосида муваффақиятли ривожланмоқда, - деди ректор. - Шарқнинг буюк мутафаккирлари шарафига ташкил етилган ушбу форум бунга ёрқин мисолдир. Бизнинг умумий мақсадимиз - ҳар икки давлатда ҳам маънавий-маданий қадриятлар давомийлигини ривожлантириш, шунингдек, олий таълим ва илм-фанни модернизация қилишдир.

 

Ўзбекистоннинг Алмати шаҳридаги Бош консули Абдураҳим Қаюмов ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик чуқур тарихий илдизларга эга эканлигини таъкидлади:

 

- Анжуманда Навоий ва Aбай ижодида ўз аксини топган умумий маданий меросни эъзозлаш орқали асрлар оша келаётган давомийликнинг муҳимлигини кўрдик. Дарҳақиқат, буюк мутафаккирлар бизларга умуминсоний қадриятларга асосланган келажак қуришга ёрдам берадиган маънавий мерос қолдиргани рост.

 

- Университетда буюк шоир Алишер Навоий шарафига марказнинг очилиши икки буюк аждод ижоди ва ғоялари замонавий жамият учун муҳимлигини кўрсатиб, уларнинг умуминсоний қадриятларни тарғиб етишдаги ўрнини эътироф этади, - деди Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчисининг маслаҳатчиси Ерғали Қистаубаев. - Мазкур тадбир икки қардош давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

 

- Ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар, адабий-маданий алоқалар кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда, - дейди Ўзбекистондаги Республика қозоқ маданият маркази раиси Серикбай Усенов. - Давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаевнинг халқларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги қўшма ҳаракатлари кўп асрлик дўстликни сезиларли даражада кенгайтириб, уни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

 

Икки мамлакат адабиётшунослари, мутахассис таржимонлари ўзбек шоир ва ёзувчилари Алишер Навоий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Еркин Воҳидов, Абдулла Орипов ижодларини қозоқ тилига, Aбай, Шакарим, Мухтор Ауезов, Собит Муқанов, Ўлжас Сулаймонов каби таниқли қозоқ ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилишмоқда. Масалан, биз яқинда Алишер Навоийнинг сара асарларини қозоқ тилида чоп етиб, Ўзбекистондаги таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактаблар, шунингдек, олий ўқув юртларига тарқатдик.

 

Анжуман доирасида ўқитувчи ва талабалар ўртасида Алишер Навоий ижодига бағишланган пленер (табиат қўйнида расм чизиш), «Шарқ мотивлари қозоғистонлик талабалари ижодида» кўргазмаси, Алишер Навоий марказининг тантанали очилиши, Навоий ўқишлари, «Навоий асарлари жаҳон тилларида» бадиий ўқиш танлови, «Алишер Навоий мероси: фан, таълим ва тарбия уйғунлиги» мавзусида халқаро илмий-методик семинар бўлиб ўтди.

 

- Илмий-амалий тадбирлар давомида замонавийлик шароитида икки мамлакат маданий мероси ва маънавий тараққиётининг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди, - дейди университет проректори Ойгул Исҳоқова. - Мутахассислар анъаналар ва маданий хилма-хиллик қадрланадиган баркамол жамиятни шакллантиришга хизмат қилувчи тарихий қадриятларни асраб-авайлаш масалаларига эътибор қаратишди. Шунингдек, сўзга чиққанлар Навоий ва Aбай ижодининг жаҳон маданиятидаги адабий-бадиий йўналишлар ривожига таъсири, уларнинг универсаллиги ва замонавий дунёда долзарблигини таъкидладилар.


Адабий-маърифий, илмий-услубий тадбирларда Ўзбекистондаги қатор олий ўқув юртларидан бир гуруҳ олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ҳам иштирок этгани қувонарлидир. Улар орасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети проректори Нодирбек Жўрақўзиев, Навоий давлат педагогика институти проректори Дилноза Нарзиқулова, Самарқанд давлат университети профессорлари Назмия Муҳиддинова, Кибриё Ҳасанова, Тошкент давлат педагогика университети доценти Дилбар Дуйсебаева ва Чирчиқ давлат педагогика университети доценти Ўсарбой Бойқобиловлар бор.

 

«Навоий ва Aбай: умуминсоний қадриятлар давомийлиги» анжумани Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, буюк мутафаккирларнинг бой меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим воқеа бўлди.

 

Нурлан УСМОНОВ,

«Халқ сўзи»нинг махсус мухбири.

Тошкент - Олмаота - Тошкент.

 

06.07.2024

Ақпарат көзі: xs.uz